Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ўзбекистонга ташриф буюрган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси бўлими директори Клаудиа Стейн бошчилигида ЖССТделегацияси билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Унда «2018— 2020 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллиги ўртасидаги икки йиллик ҳамкорлик келишуви» доирасида соғлиқни сақлаш ахборот тизими ва маълумотларни бошқариш учун халқаро стандартлардан фойдаланиш бўйича техник кўмаклашув амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.

ЖССТ делегацияси шу йилнинг апрел ойида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш ахборот тизимини мажмуавий баҳолаш ўтказилиши натижаси бўйича турли давлат органлари ва халқаро молиявий институтлар, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари билан қатор учрашувлар ўтказган эди. Жорий йилнинг ноябрь ойида эса ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов ўртасида мулоқот бўлиб ўтганди. Натижада, ЖССТ экспертлари ҳамкорлигида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ахборот тизимини такомиллаштириш бўйича лойиҳа тайёрланди. Унда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва миллий соғлиқни сақлаш ахборот тизимини такомиллаштириш, электрон соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва яхшилаш учун 2018−2020 йилларга мўлжалланган аниқ тадбирлар акс этган.

Мазмунли мулоқот давомида соғлиқни сақлаш ахборот тизимини ривожлантириш «йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини мониторинг қилиш, баҳолаш, ўқитиш ва ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказиш, халқаро экспертларни жалб этиб, соҳа мутахассислари учун тренинглар ўтказиш, электрон соғлиқни сақлашни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга грантлар ажратиш масалалари ҳал этилди.

Учрашувда ЖССТ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш доирасида соҳага доир маълумотларни бошқариш жараёнига грантлар ажратилиб, тиббиётимизда электрон тизимни татбиқ этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилгани эътироф этилди.