Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2014−2018 йиллардаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Ушбу тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева маъруза қилди.

«Қўмита фаолиятида яна бир йўналиш — ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан манзилли ишлаш амалиёти йўлга қўйилди ва бу борада қисман бўлса ҳам натижаларга эришилди.

Хусусан, республика бўйича 47 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган, шундан 14 минг 600 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилди. Уларнинг 14 минг нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 13 минг 500 нафарининг бандлиги таъминланди, 22 минг нафарига 21 млрд. сўм миқдоридаги моддий ёрдамлар берилди.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 1 минг 464 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларга арзон уй-жойлар учун 54,6 млрд. сўм бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди", — деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Шунингдек Танзила Норбоева зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш марказлари фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. «Президентнинг қарорига асосан оғир ижтимоий вазиятга ҳамда руҳий тушкунликка тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам бериш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида ҳудудларда 130 та зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди.

Хотин-қизлар қўмитасининг республика бўйича ягона қисқа рақамли (1046) «Ишонч телефони» ташкил этилиб, ҳар куни 24 соат давомида хотин-қизларнинг мурожаатларини қабул қилиш тизими йўлга қўйилди. Бироқ, жойларда Хотин-қизлар қўмиталари томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар талабга тўлиқ жавоб бермайди.

Масалан, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро вилоятларида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизлар билан манзилли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга эътибор қаратилмаяпти. Натижада, ушбу ҳудудлардан республикага мурожаатлар кўпайиб кетмоқда. Буни, Хотин-қизлар қўмитасига тушаётган мурожаатлардан ҳам кўришимиз мумкин.

Мисол учун, мурожаатлар 2018 йилда 2014−2017 йилларга нисбатан 80 фоизга кўпайган (жорий йилнинг ўзида 54 минг 400 та), уларнинг асосий қисмини моддий ёрдам, тиббий ёрдам, уй-жой масалалари ташкил этади. Шу сабабли, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишда қуйидагиларга эътибор қаратишимиз зарур.

Биринчидан, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди учун ажратилаётган маблағлардан ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам бериш, уларни реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўришимиз керак.

Маълумот учун: 2019 йилда жами 20 минг 300 нафар оғир турмуш шароитидаги аёлларга манзилли ёрдам берилиши режалаштирилган. Хусусан:

— 4 минг нафарини ногиронлик аравачаси билан;

— 3 минг 800 нафарини эшитиш мосламаси билан;

— 4 минг 200 нафарини ҳаракатланиш реабилитация мосламалари билан таъминлаш;

— 8 минг нафарига энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида бир марталик пул кўринишидаги моддий ёрдам ажратиш;

— 300 нафарига республика миқёсидаги тиббиёт муассасаларида ўтказиладиган жарроҳлик амалиётларининг харажатларини қоплаб беришда амалий ёрдам кўрсатиш.

Иккинчидан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз зарур.

Бунда, маҳаллий ҳокимликларнинг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ушбу тоифадаги хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўришимиз лозим.

Шу билан бирга, Фонд маблағларидан ҳар йили 1 минг 500 нафарга яқин аёлларга уй-жой суммасининг бошланғич бадалларини шакллантиришга амалий ёрдам берамиз.

Учинчидан, президентнинг қарорига асосан ташкил этилаётган Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилатация қилиш ва мослаштириш марказларининг фаолиятини барча туман, шаҳарларида йўлга қўйишимиз ҳамда ушбу марказлар орқали аёлларга сифатли тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлашимиз лозим", — деди у.