Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2014−2018 йиллардаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Ушбу тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева маъруза қилди. У ўз нутқида хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликни олиш масаласига тўхталиб ўтди.

«Сизларга маълумки, далат раҳбари томонидан бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва бу борада жамоат ташкилотлари томонидан таъсирчан назоратни таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Шу сабабли, Хотин-қизлар қўмиталарининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида манзилли ишлаш тизими жорий этилди.

Бунда, хотин-қизлар ўртасидаги салбий ҳолатларни келтириб чиқараётган сабабларни ўрганиш ва уларни бартараф этишга ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга асосий эътибор қаратилмоқда. Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилиб, жамоатчилик вакилларининг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш борасидаги масъулияти ҳамда шахсий жавобгарлиги оширилди.

Маҳаллалар кесимида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойиллиги бўлган 62 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг аниқ рўйхатлари шакллантирилиб, уларга мураббийлар бириктирилди. Олиб борилган профилактик ишлар натижасида республика бўйича хотин-қизлар жиноятчилиги мос равишда 2016 йилда 5 фоизга, 2017 йилда 11 фоизга камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоизга камайишига эришилди. Турли экстремистик оқимлар аъзолари бўлган аёлларни соғлом ҳаётга қайтариш борасида олиб борилган ишлар натижасида 3 минг нафардан зиёд аёллар махсус рўйхатдан чиқарилди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд жараёнларида қўмита вакилларининг иштирокини таъминлаш тизими жорий этилиши натижасида, 2018 йилда 113 нафар жиноят ва 780 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган хотин-қизлар кафиллик асосида жазодан озод этилди.

Оила турмуш даражасидаги жиноятларни кескин камайтириш мақсадида 9 минг 437 та нотинч оилалар билан профилактик ишлар олиб борилиб, уларнинг 72 фоизида нотинчлик бартараф этилди. Аммо, Хотин-қизлар қўмиталари томонидан бу борада олиб борилаётган ишлар ҳали етарли натижа бермаяпти. Жумладан, республика бўйича хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлиги борасидаги кўрсаткичлар камайган бўлишига қарамасдан, ҳамон юқорилигича сақланиб қолмоқда", — деди Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси аёллар қўл ураётган жиноятлар ва уларнинг вилоятлар кесимидаги ҳолатига эътибор қаратди. «Хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик бўйича энг юқори кўрсаткич Фарғона, Самарқанд, Тошкент вилоятларида ва Тошкент шаҳрига тўғри келади. Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 16 фоизини фирибгарлик, 14 фоизини иқтисодий жиноятлар ва 11,4 фоизини ўғирлик жиноятлари ташкил этади. Биз ўтган давр давомида турли соҳалар ишлаётган ходимлар томонидан содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан етарли ҳамкорлик ўрнатмадик.

Бу эса айрим тармоқларда фирибгарлик, иқтисодий жиноятларнинг ошишига олиб келди.

Биргина, Қашқадарё вилояти мисолда айтадиган бўлсак, қайд этилган иқтисодий жиноятларни 30 фоизи мактабгача таълими, 20 фоизи халқ таълими тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар томонидан содир этилган.

Хотин-қизларимизга мутлақо тўғри келмайдиган оғир турдаги жиноятларнинг содир этилиши ҳолатларига барҳам берилмаяпти, бу турдаги жиноятлар Тошкент, Навоий, Фарғона вилоятларида йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ноқонуний диний фаолият билан шуғулланганлиги учун республика ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган хотин-қизлар жорий йилда 37,4 фоизга камайган бўлсада, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятида ошган.

Шунингдек, олиб борилган ишларга қарамай оила турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар сони 2017 йилга нисбатан 9,5 фоизга ошган. Бу кўрсаткич Сурхондарё, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида мутлақо қониқарсиз аҳволда. Бундан кўриниб турибдики хотин-қизлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлиги борасидаги ишларимизни янада жонлантиришимиз талаб этилади. Мазкур йўналишда:

Биринчидан, жиноятчиликка мойиллиги бор хотин-қизларни доимий равишда аниқлаб бориш (бугунги кунда 61 минг 743 нафарни ташкил этади) ва улар билан ишлашни ташкил этишимиз керак. Яъни, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар, профилактика инспекторлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уларнинг ҳар бирини муаммосини аниқлаш ва ҳал этишга ҳамда бандлигини таъминлашга эътибор қаратиш зарур бўлади.

Иккинчидан, жиноят содир этган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ҳамда авф этилган (бугунги кунда 3 минг 961 нафарни ташкил этади) хотин-қизлар билан ҳам манзилли профилактик ишларни ташкил этишимиз керак.

Учинчидан, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумалар ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, хуқуқий саводхонлик соҳасида тушунтириш ва турли касбга ўқитиш ишларини ташкил этишимиз лозим.

Тўртинчидан, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Республика Маҳаллалар кенгаши билан ҳамкорликда тармоқлар кесимида содир этилган жиноятларни таҳлил қилган ҳолда, идоравий масъулиятни белгилаш бўйича ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқишимиз зарур", — деди у.