Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2014−2018 йиллардаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га маълум қилди.

Ушбу тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева маъруза қилди.

«Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири, халқ турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида белгиланган. Жорий йилнинг ўзида бандлик дастурлари асосида яратилган иш ўринларига хотин-қизлар қўмиталари ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан уйма-уй юриш орқали аниқланган 245 минг нафар ишсиз хотин-қизлар ишга жойлаштирилди.

2018 йилдан бошлаб президентнинг фармони билан оғир турмуш шароитида яшаётган ҳамда ногиронлиги бўлган аёллар, айниқса ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш қўмитанинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Бу борада маҳаллалар кесимида манзилли рўйхатлар шакллантирилиб, алоҳида дастур асосида 10 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар бандлиги таъминланди ва бунга 38 млрд. 261 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан бўш биноларни қайта таъмирлаш ва ишга тушириш ҳисобига 2 минг 300 тадан ортиқ кичик цехлар ташкил этилиб, 16 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди", — деди Танзила Норбоева.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси шунингдек аёллар учун банкдан ажратилаётган кредит масаласига ҳам тўхталиб ўтди. «Тегишли қарорлар билан тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга кредитлар ажратиш тизими тубдан ўзгартирилди. Яъни, хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредитлар ажратиш оҳирги икки йилда 2 баробарга оширилди. Айниқса, йиллик 7 фоизлик имтиёзли кредитлар бериш тизими жорий этилди. Масалан, 2014−2016 йилларда тижорат банклари томонидан хотин-қизларга тадбиркорлик фаолияти учун жами 3,8 трлн. сўм кредит ажратилган бўлса, 2017−2018 йилларда 6,1 трлн. сўм кредит ажратилган.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилганлиги Қўмиталарнинг аёллар бандлигини таъминлашда бевосита иштирок этиш имкониятини яратиб берди. Хотин-қизлар қўмиталарининг тавсияномалари асосида Фонд маблағлари ҳисобидан йиллик 7 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратиш тизими жорий этилиб, жорий йилнинг ўзида 100 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Бу эса аёлларнинг оиладан, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда ҳунармандчилик, касаначилик, томорқачилик билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратмоқда", — деди у.

Танзила Норбоева шунингдек хотин қизларни иш билан таъминлаш масаласида муаммолар борлигини билдирди. «Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кўрилаётган чораларга қарамасдан меҳнат бозорида хотин-қизлар ишсизлиги ҳали юқорилигича қолмоқда. Хотин-қизлар қўмитасида аёллар бандлигини таъминлашда, бу борада жамоатчилик назоратини олиб боришда фаоллик ва талабчанлик етишмаяпти.

Масалан, 2018 йилда бандлик марказларига 107 минг нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизлар мурожаат қилган бўлса, уйма-уй юриш орқали 170 минг нафарга яқин ишлаш истаги бўлган хотин-қизлар аниқланди. Аммо, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бунда ҳудудларда сектор раҳбарлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш масаласига Қўмиталар томонидан етарли эътибор қаратилмаган.

Ишсиз аёллар билан якка тартибда ишлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, яратилган имтиёзлардан фойдаланиш бўйича маслаҳат-ахборот бериш ишлари қониқарсиз ташкил этилганлиги натижасида қарийб 240 минг нафардан зиёд аёллар ишлаш учун хорижий давлатларга чиқиб кетган. Фарғона ва Наманган вилоятларида хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда. Бу борада ҳудудий Хотин-қизлар қўмиталари томонидан олиб борилаётган ишлар ўзнинг самарасини бермаяпти. «Устоз шогирд» тизими асосида хотин-қизларни ҳунармандчиликка жалб этиш, касаначилик асосида ишга жойлаштириш борасидаги ишлар ҳам талаб даражасида эмас. Масалан, касаначилик асосида хотин-қизларни иш билан таъминлаяпмиз, лекин, улар оиласига даромат олиб келаяптими? ўз вақтида иш ҳақлари тўланаяптими? деган саволга ҳечкимда жавоб йўқ.

Иш берувчи ташкилотлар томонидан касаначи аёлларга етарли буюртмалар берилмаяпти, натижада эса иш ҳақлари кам ҳисобланмоқда. Кўриниб турибдики, аёллар номига касаначилик асосида иш билан таъминланмоқда. Агар биз бандлик масаласида юқоридаги муаммоларни ҳал қилмасак, хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган салбий ҳолатларни олдини олиш борасидаги ишлар ўзининг самарасини бермайди", — деди Танзила Норбоева.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси аёлларни бандлигини таъминлар борасида белгилаб олинган вазифалар билан ҳам таништириб ўтди. «Шундай экан, бу борасида ҳам амалга оширадиган вазифаларимизни аниқ белгилаб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Биринчидан, Хотин-қизлар қўмитаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда яратилган янги иш ўринлари тўғрисида хотин-қизларнинг ҳабардорлигини ошириш чораларини кўриш зарур.

Жорий йилнинг ўзида республика бўйича 300 мингга яқин иш ўринлари яратилган, лекин бундан аҳолининг ҳабардорлиги йўқ.

Уйма-уй юриш жараёнида кўраяпмиз ишсиз хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотларда тафовут катта (Бандликда — 107 минг, уйма-уй юришда — 170 минг).

Иккинчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ҳар йили хотин-қизларни, хусусан оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз лозим.

Учинчидан, Хотин-қизлар қўмитаси Касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда яратилган иш ўринларининг ҳаққонийлиги устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз, шунингдек, муносиб меҳнат шароитларининг яратилганлигини, иш ҳақларини вақтида берилаётганлигини, қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланаётганлигини ўрганишимиз зарур.

Бунинг натижасида иш берувчиларнинг масъулиятини ошириш борасида Ҳукуматга тегишли таклифларни киритишимиз керак.

Меҳнат бозорида гендер тенгсизликка йўл қўймаслик ва гендер тенгликни таъминлаш биз Хотин-қизлар қўмитасининг асосий вазифаси бўлиши керак.

Тўртинчидан, Хотин-қизлар қўмитаси Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, «Тадбиркор аёллар» уюшмаси билан ҳамкорликда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур.

Бунда, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқувлар ташкил этиш, бизнес режаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш масаласига эътибор қаратишимиз лозим.

Шунингдек, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан жорий этилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этишимиз, «Устоз-шогирд» тизимини янада кучайтиришимиз ва имтиёзли кредитлар олишига ёрдам беришимиз керак.

Бешинчидан, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ажратилаётган имтиёзли кредитларни асосан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш йўналишига сарфланишини ва мақсадли ишлатилишини ташкил этишимиз керак бўлади", — деди Танзила Норбоева.