Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг 160 ўринга мўлжалланган 5 қаватли янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президент 2017 йилнинг 10−11 февраль кунлари Сурхондарёга ташрифи чоғида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази учун қўшимча бинолар барпо этиш ва уни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ, мазкур тиббиёт муассасасида болалар урологияси, нефрология, гастроэнтерология, неврология, эрта ёшдаги гўдаклар патологияси, аллергология бўлимлари ҳамда қизлар саломатлиги марказининг янги биноси қурилди.

Лойиҳа қиймати 17 миллиард 439 миллион сўмлик 5 қаватли иншоотни «Prof Group» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари муддатидан илгари қуриб битказди.

Қурувчилар бир йўла шифохонанинг мавжуд биноларини ҳам тубдан таъмирлаб, атрофини ободонлаштирди. Қўшимча бинолар барпо этди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов ҳам қатнашди.