Сергели туманидаги «Чоштепа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 66 та 7 қаватли уй қурилмоқда. Президент ушбу уйлардан бирини кириб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари қурилиш соҳасида янги тизим яратилганини, бу аҳолини уйли қилиш билан бирга кўплаб иш ўринлари ҳам очаётганини таъкидлади.

Мавзеда маҳалла гузари ҳам бунёд этилган бўлиб, унда маҳалла раиси ва маслаҳатчилари хоналари, уй-жой мулкдорлари ширкати, профилактика инспектори хонаси, кутубхона фаолият юритади.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июль ойида бу ерга ташриф буюрган, ўша кунлари қурилишга пойдевор қўйилиб, ишлар бошланган эди.

Атиги беш ойда бу ерда улкан мавзе қад кўтарди. 1 минг 176 хонадонга мўлжалланган 21 та уй барпо этилди. Бошқа уйларнинг қурилиши давом этмоқда.

Туркиянинг инновацион технологиялари асосида бинонинг ташқи деворлари ҳарорат сақловчи материаллар билан қопланган. Бу уйларни қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.

Шавкат Мирзиёев туманнинг 8-даҳаси ёнида қуриладиган уйлар участкасида ҳам бўлди.