Ўзбекистон Республикаси президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёни билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Уч қаватли марказ қадимий мадрасалар услубида қурилади. Бинонинг симметрик марказига Усмон Қуръони қўйилади. Иккинчи қаватда кутубхона, анжуманлар ва кўргазма заллари бўлади. Учинчи қават ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва бошқа хоналарни ўз ичига олади.

Президент қурилиш жараёни билан танишар экан, кўргазмалар залида Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилиши зарурлигини таъкидлади.

— Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари марказни пардозлаш ва жиҳозлашни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.