Президент Шавкат Мирзиёев «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Фармон билан эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг шарти сифатида фаолият бошлаганидан кейин иккинчи молиявий йили якунларига кўра икки йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25 фоизидан кам бўлмаган, кейинги йилларда 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда экспорт қилиш белгиланди.

Мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми ҳамда аввал тақдим этилган имтиёзлар бекор қилинади.

Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича қарорлар президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқарув миллий агентлигининг «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази"ДУКнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади.

Марказ томонидан эркин иқтисодий зоналар ҳудудида лойиҳаларни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини кўраб чиқиш хулоса бериш жараёни билан бирга 30 календар кундан ошмаслиги лозим.

Эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига берилган божхона имтиёзлари фақат эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан тадбиқ этилади.

«Навоий» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини энг яхши жаҳон тажрибасига асосланган ҳолда такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Фармон билан эркин иқтисодий зоналар дирекцияларига ўз ҳудудларининг бош режалари ва архитектура-режалаштириш ишларини ишлаб чиқишда буюртмачи сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

2019 йилда эркин иқтисодий зоналарнинг автомобиль йўллари, сув таъминоти ва канализация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Шунингдек, 2019 йил 1 апрелга қадар «Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2019 йил 1 мартга қадар «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси, 2019 йил 1 апрелга қадар «Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилади.