Бош қароргоҳи Сеулда жойлашган Осиё журналистлар уюшмаси (AJA) Шавкат Мирзиёевни 2018 йилда «Сиёсат» йўналишида «Осиёда йил одами» деб эълон қилди, дея ёзмоқда The Korea Times.

Ўзбекистон президентининг Марказий Осиё давлатлари ўртасида тинчлик ва ўзаро алоқаларни ўрнатишдаги саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.

«2016 йил декабрида президентликка сайланган вақтдан буён у иқтисодиётни очиш ва инсон ҳуқуқларини яхшилаш учун ислоҳотлар ўтказди, сиёсий маҳбусларни озод қилди», — дея маълум қилинади AJA хабарида.

«Иқтисодиёт» йўналишида уюшма LG Group корпорациясининг собиқ раҳбари Ку Бон-Муни конгломератни глобал компанияга айлантиришга қўшган ҳиссаси учун мукофотлади.

Футбол бўйича Вьетнам терма жамоасининг кореялик мураббийи Пак Хан-Сео Вьетнам жамоаси ғалабалари учун жамият ва маданият соҳасида йил одам деб эълон қилинди. У ўз раҳбарлиги остида вьетнам халқи бирлиги ҳамда унинг Кореяда тан олинишига ҳисса қўшди, дейилади хабарда.

Худди шу тоифада Африкада ўзининг Magdi Yacoub Institution жамғармаси орқали бепул юрак кўчириб ўтказиш операцияларини ўтказиб, кўплаб болаларнинг ҳаётини қутқариб қолган мисрлик торакал жарроҳ Магди Хабиб Яқуб ҳам мукофотга лойиқ деб топилди.