Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2018 йил 12 декабрдаги буйруғи билан айрим фанлар бўйича якуний аттестация имтиҳони бекор қилинади. Бу ҳақда Norma.uz хабар тарқатди.

Биринчидан, давлат аттестацияси таркибига киритилган имтиҳонлар рўйхати ўзгартирилди. Айрим фанлар бўйича якуний аттестация имтиҳони бекор қилинади. Унинг ўрнига олий таълим муассасаси Кенгаши томонидан қўшимча тартибда хорижий тил бўйича имтиҳон киритилиши мумкин. Бундан ташқари, диплом лойиҳаси ҳимояси жорий этилади.

Шу тариқа, олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси қуйидаги шаклда ўтказилиши мумкин:

фанлараро (умумкасбий ва ихтисослик) якуний аттестация имтиҳони;

диплом лойиҳаси ҳимояси;

битирув малакавий иш ҳимояси.

Якуний давлат аттестациясининг қандай шаклда ўтказилиши битирувчиларнинг хоҳиши ва таълим хусусиятидан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаси Кенгаши қарори билан белгиланади.

Иккинчидан, якуний аттестация имтиҳонидан ўта олмаган шахсларнинг қайта топшириш муддати бўйича чеклов олиб ташланди. Илгари ўқиш муддати тугагандан сўнг 3 йил ичида қайта топшириш мумкин бўлган бўлса, энди «кейинги йилларда» ана шундай имконият берилиши кўрсатилган.

Учинчидан, якуний имтиҳонларни топширишда битирувчиларнинг муаллифликни ўзлаштиришига (плагиатга) йўл қўйилмайди. Бу ҳолда қониқарсиз баҳо қўйилади, қўйилган ижобий баҳо эса бекор қилинади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган.