Йил бошидан буён Ўзбекистонда 148 нафар психоактив дори воситалари сотувчиси қўлга олинди. Бу ҳақда ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳамедов Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, январь-декабрь ойларида 115 мингдан ортиқ трамадол ва «лирика» сингари «енгил наркотик воситалар» олиб қўйилди.

Аввалроқ «Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси трамадол, прегабалин («лирика»), зопиклон («соннат») каби дори воситалари наркотик ва психотроп моддалар рўйхатига киритилмагани сабабли препаратларни кўчаларда сотувчиларни жавобгарликка тортиш имконияти йўқлигини маълум қилган эди.

27 октябрь куни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан айланиши тақиқланган ёки чекланган наркотик ва психотроп воситалар рўйхатига ўзгартишлар киритилди.

Жумладан, айланиши чекланган наркотик воситалар рўйхати трамадол билан тўлдирилди. Зопиклон («соннат») эса айланиши чекланган психотроп моддалар рўйхатидан жой олди.