Тошкент давлат стоматология институти делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Оренбург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик дастурига асосан «клиник-психология» йўналишида янги факультет очилмоқда. Мазкур факультетга 2019−2020 ўқув йилидан талабалар қабул қилинади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тошкент давлат стоматология институти айни пайтда хорижий мамлакатларнинг элликка яқин нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзолашга эришди. 2018 йил давомида 50 дан ортиқ талаба ва 20 дан зиёд профессор-ўқитувчилар хорижда малака оширди.

Ушбу ҳамкорлик дастурлари натижасида 2018−2019 ўқув йилидан Италиянинг Турин университети билан «биотиббий муҳандислик» ва Москва давлат тиббиёт стоматология университети билан «стоматология» факультетлари ташкил этилди.