Жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан солиқ қарзини сўзсиз ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинаётгани ҳақида аввал хабар бергандик.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан интерактив давлат хизматлари ягона порталига «Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарор лойиҳаси жойлаштирилгани муносабати билан Марказий банк бу лойиҳа бўйича ўз эътирозларини билдирди. Бу ҳақда ташкилотнинг телеграмдаги канали орқали хабар берилди.

Бугунги кунда, жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини уларнинг банк карталаридан сўзсиз ундириш тартиби бўйича қонуний ва шаффоф механизм мавжуд эмаслиги сабабли, Марказий банк қайд этилган ҳужжат лойиҳасини қонун ҳужжатларига, хусусан Фуқаролик кодекси нормаларига мувофиқлигини таъминлаш лозим деб ҳисоблайди.

Қандай эзгу мақсад кўзланган бўлишидан қатъи назар, идоравий манфаатлар бошқа тармоқлар ёки бутун мамлакат иқтисодиёти ривожланишига салбий таъсир етказмаслиги зарур. Марказий банк, ўз навбатида, таклиф этилаётган ўзгартиришларга банк сири ва банк тизимига бўлган тўлақонли ишончни сақлаб қолиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратади, дейилади баёнотда.