«Тараққиёт стратегияси» марказида «2018 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор возифалар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

— Электр энергия ишлаб чиқаришни қанчалик оширмайлик, агар унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш жуда мушкул, — дейди «Ўзбекэнерго» акционерлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. — Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Баъзида улардан фойдаланиб бўлгач, токдан узиб қўйилмайди. Гарчи, улар ўчирилган бўлса-да, ток линиясига уланган ҳолда турса, электр энергия истеъмол қилаверади. Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У токка уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт.соат, йилига 18 кВт.соат энергия сарфлайди. Шу боис хонадонларда, ишлаб чиқариш саноатида ва бошқа турли тармоқларда электр энергия тежамкорлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Мутахассисларнинг электр энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида ўтказган ўрганишларидан маълум бўлишича, ҳозирда Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонда бир йилда ўртача 400 кВт.соатгача электр энергиясини тежаш имконияти бор. Бу кўрсаткич республика бўйича 1,8 миллиард кВт. соатга айланади.

Таққослайдиган бўлсак, ушбу тежалган энергия билан аҳолиси ўртача бўлган бир вилоятни бир йил мобайнида узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мумкин.

— Электр энергияни тежаш орқали экологик барқарорликка ҳам муносиб улуш қўшиш мумкин. Мисол учун, 1 кВт.соат электр ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага 0,6 килограмм кўмир чиқиндиси, 0,12 метр куб ис гази чиқади, — дейди «Ўзбекэнерго» акционерлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. — Демак, ҳар бир истеъмолчи хонадонида электр энергиядан оқилона фойдаланса, ҳам табиий неъматларни тежашга, ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ўз улушини қўшган бўлади.