20 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғизистон Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Ибрагим Джунусовни қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати. У мазкур лавозимга декабрь бошида тайинланган эди.

Ишонч ёрлиқлари нусхасини топширишга бағишланган қисқа маросимдан сўнг Ўзбекистон — Қирғизистон кун тартибининг муҳим масалалари бўйича суҳбат бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг кўп қирралилиги ва жадал ривожланаётганлиги, бунда марказий ўринни олий даражадаги мунтазам учрашувлар эгаллаётгани мамнуният билан эътироф этилди.

Таъкидланганидек, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ўзаро фойдага асосланувчи савдо-иқтисодий, инвестицион ва минтақалараро алоқалар давлатлараро мулоқотда муҳим ўрин тутади.