Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ва Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда катта миқдордаги уяли телефон аппаратларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фуқаро М.Х. бошқарувидаги «Нексия-2» русумли автомашина кузатувга олиниб, пойтахтдаги савдо мажмуаларидан бирининг автотураргоҳида тўхтаганида автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган жами 361 дона янги уяли телефон аппаратлари борлиги аниқланди.Юк эгаси бўлган фуқаро М.Х. дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қиймати салкам 567 млн. сўмни ташкил этган ушбу уяли телефон аппаратларига тегишли ҳеч қандай ҳужжатларни тақдим эта олмади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.