Жаҳон банки Директорлар кенгаши 18 декабрь куни Ўзбекистоннинг учта шаҳрида муниципал хизматлар кўрсатиш даражаси ва шаҳар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳасини тасдиқлади, дея хабар қилди банкнинг Тошкентдаги ваколатхонаси. Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 100 млн АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим этилади.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Морининг сўзларига кўра, лойиҳа Бухоро, Тошкент ва Наманган вилоятларидаги ўртача шаҳарларда ҳаёт даражасини яхшилаш ҳамда ҳукуматнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга ёрдамлашади.

ЖБнинг қайд этишича, Ўзбекистонда 50−100 минг кишилик ўртача шаҳарлар иқтисодий ривожланиш ва йирик шаҳарлар эҳтиёжларига хизмат қилиш учун база ролини бажаради. Мамлакатнинг 40 фоиздан зиёд шаҳар аҳолиси аҳолиси 100 мингдан камроқ бўлган шаҳарларда яшайди.

Лойиҳа Когон (Бухоро вилояти), Чортоқ (Наманган вилояти) ва Янгийўл (Тошкент вилояти) шаҳарларида шаҳар инфратузилмаси, умумий фойдаланишдаги масканлари ва муниципал хизматларни ривожлантиришга туртки беради. Ушбу шаҳарлар аҳолиси 165 минг кишини ташкил этади.

Лойиҳа марказий ва маҳаллий органларнинг шаҳар хўжалигини бошқариш, шаҳар инфратузилмалари, аҳолига муниципал хизматлар тақдим этиш, шаҳар транспорт тизимини ривожлантириш, барқарор туризм ва хусусий сектор билан ҳамкорлик соҳаларидаги институционал салоҳиятини мустаҳкамлайди.

Тажриба шаҳарларида лойиҳани амалга оширишда тўпланган тажрибалардан Ўзбекистоннинг ўртача шаҳарларини ривожлантириш Миллий дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилади.