АҚШ президенти Дональд Трамп 18 декабрь куни 2017 йил 20 декабрдаги «инсон ҳуқуқларини бузиш ва коррупция учун жавобгар» 13 киши ва 39 та ташкилотга қарши санкциялар жорий этишни кўзда тутувчи 13818-сонли фармонининг амал қилиш муддатини узайтирди. Рўйхатда Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримова ҳам бор.

«Бутунлай ёки сезиларли қисми Қўшма Штатлардан ташқарида содир бўлаётган инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва коррупциянинг тарқалганлиги ва жиддийлиги халқаро сиёсий ва иқтисодий тизимлар барқарорлигига таҳдид солишда давом этмоқда», — дейилади Дональд Трамп баёнотида.

«Шу сабабдан ва инсон ҳуқуқларининг жиддий равишда бузилиши ҳамда коррупция муносабати билан мен 12818-сонли ижро фармонида белгиланган фавқулодда ҳолат режимини бир йилга узайтиришга қарор қилди», — деди АҚШ президенти.

Инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва коррупцияга жавобгар шахслар ва ташкилотларга қарши санкциялар Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузувчиларига нисбатан 2012 йилда жорий этилиб, 2016 йилда глобал мақомга эга бўлган «Магнитский қонуни» доирасида жорий этилди.

Санкциялар АҚШ юрисдикциясидаги барча активларни блоклаш, Америка фуқароларига санкцион рўйхатдаги шахс ёки ташкилот билан бирор-бир келишувларни тузишни тақиқлашни кўзда тутади.

АҚШ тахминига кўра, Гулнора Каримова «кучли уюшган жиноий бирлашмага раҳбарлик қилиб, бизнес экспроприацияси (мажбурий равишда тортиб олиш — таҳр.), бозорларни монополлаштириш қилиш, пора олиш ва рэкет учун давлат ресурсларидан фойдаланган».