Ўзбекистон ўқ отиш спорти, шунингдек Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси вакиллари билан Миллий олимпия қўмитасида Токио 2020 олимпиадасига атаб ишлаб чиқилган стратегия муҳокама қилинди. Улар олимпия ўйинлари учун ишланган режалари билан МОҚни таништиришди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ўқ отиш спорти федерацияси вакиллари билан учрашувда йил давомида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан, федерация бош котиби Жалолиддин Атабуллаев бу йил вилоятларда очилган бўлимлар, халқаро миқёда олиб борилган ишлар, моддий техник базани кучайтириш билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берди. Шунингдек, мураббийлар малакасини ошириш бўйича ташкил этиладиган семинар ҳақида гапириб берди.

Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси мутасаддилари билан ўтказилган йиғилишда ҳам ташкилотнинг йил давомида амалга оширган ишлари таҳлил қилинди. Бундан ташқари, рейтинг турнирларини муваффақиятли ўтказиб, олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Терма жамоа спортчилари учун ташкил этиладиган машғулотлар услуби эскирганлиги, бу борада жаҳонда етакчи мамлакатлар тажрибасини татбиқ этиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, терма жамоа учун янги номларни жалб қилиш кераклигига эътибор қаратилди.