Ўзбекистонда Нидерландия агротехнологиялар марказини очиш режалаштирилмоқда, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги. Марказ ташкил этиш лойиҳаси 17 декабрь куни Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов ва Нидерландия Иқтисодиёт вазирлиги вакилларининг Мааслуисдаги голланд Lely компанияси бош қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда кўриб чиқилди.

Ташкил этилажак марказда ерга ишлов бериш, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши, чорвачилик, гўнгни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва тайёр сут маҳсулотларини (голланд пишлоғи) тайёрлаш бўйича голланд технологияларидан фойдаланилади.

Йиғилиш якунлари бўйича 2019 йил бошида лойиҳани амалга оширишни бошлаш юзасидан келишувга эришилди. Январь-февралда Ўзбекистонга лойиҳани амалга оширувчи консорциум таркибига кирувчи компаниялар раҳбарларининг ташриф буюриши режалаштирилмоқда.