Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ва туман (шаҳар) давлат хизматлар маркази томонидан шаҳар ва туман марказларидан олис ҳудудларда жойлашган аҳолига сайёр тартибда давлат хизматларини кўрсатиш учун компьютер, принтер, сканер ва интернетга уланиш мосламаларига эга автобус ажратиб берилиб, 100 дан ортиқ мобил давлат хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги сайтида хабар берилди.

Автобусда нотариус, ФҲДЁ ходимларининг фуқароларга хизмат кўрсатиши учун ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни қабул қилиш кассасининг мавжудлиги аҳолига тез ва қулай давлат хизматини кўрсатишга имкон яратади.

Сурхондарё вилояти ҳокими Баҳодир Пўлатов автобусда яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатиш қамрови ва сифатини ошириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.