Ўшда бош вазирлар Абдулла Арипов ва Муҳаммедкалий Абилгазиев иштирокида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилди Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

Мажлис якунлари бўйича ҳукумат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолади. Ушбу йўл харитасида савдо, саноатда қўшма кооперациялар, карантин ва ветеринария соҳасида ҳамкорлик, божхона жараёнларини соддалаштириш ва банклараро ҳамкорлик масалалари бўйича ҳамкорлик одимлари ва муддатлари ўз аксини топган.

«Бизнинг фикримизча, минтақа давлатлар савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик механизмларини фаоллаштириши лозим», — деди Қирғизистон бош вазири.

У ўзбекистонлик ҳамкасбига юк ташувчилар учун тўловларни бекор қилишни таклиф қилди. «Бу, сўзсиз, ўзаро юк ташувлари сонини ошириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмасини юксалтиришга хизмат қилади», — деди Муҳаммедкалий Абилгазиев.

Абдулла Арипов Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан ўзаро алоқаларини ва ўзаро манфаатли шерикчиликни ривожлантириш тарафдори эканини тасдиқлади.

«Тор доирадаги музокаралар натижалари шуни кўрсатдики, икки томон ҳам истаса, ўзаро ҳал этилмайдиган масалаларнинг бўлиши мумкин эмас», — деди ўзбек ҳукумати раҳбари.

Мажлис чоғида ҳудудлараро ҳамкорлик, савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш ва давлат чегаралари участкаларини кесиб ўтиш шароитларини яхшилаш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.