Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва портловчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашиш бўйича кенг жамоатчилик билан ўтказилган профилактик ва тарғибот-ташвиқот огоҳлантирув чора-тадбирлари натижасида, бир қатор фуқаролар ўз ихтиёрлари билан ўзларида сақланаётган қуролларни топширдилар. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Бувайда туманида яшовчи И.Ҳакимов «ИЖ» русумли 16 калибрли ўқ отар қуролни ўз ихтиёри билан ички ишлар бўлимига топширди. Бешариқ туманида ҳам 4 нафар фуқаро ҳам уйларида сақланаётган қурол бўйича ИИБга мурожаат қилди. Хусусан, С. Холматов уйидан 1 дона ов қуролини топиб олган. Ноқонуний қурол сақлаш жиноят эканини яхши билган фуқаро бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга маълум қилди ва қуролни топширди.

Бироқ, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан ноқонуний равишда ўзларида сақланаётган қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва портловчи моддаларни ихтиёрий равишда топширмаслик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.

Фарғона туманида яшовчи Р.Эргашевнинг хонадони кўздан кечирилганда, бир дона ўқ отар ов қуроли ҳамда 100 грамм порох борлиги аниқланди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.