Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш тўғрисидаги низом лойиҳасини эълон қилди. Мазкур низом бошқа операторга ўтишда мобил алоқаси абоненти телефон рақамини сақлаш имкониятини яратади.

Ҳужжатда рақамни кўчириш, телекоммуникация операторлари ўртасида ўзаро алоқалар ва ўзаро ҳисоб-китобларни олиб бориш тартиблари белгилаб берилди.

Мобил алоқа операторлари абонент рақамини кўчириш бўйича хизматларни пулли асосда амалга ошириши кутилмоқда. Бунда операторни 180 кун ичида бир марта алмаштиришга рухсат бериш мўлжалланмоқда.

Рақамни алмаштириш аризаси мижозларга хизмат кўрсатиш шохобчаси орқали ёки электрон шаклда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Кўчириш бир иш кунини (тўққиз иш соати) талаб қилади.

Фақатгина мобил алоқа операторлари учун ажратилган рақамларни кўчириш мумкин. Низом лойиҳаси шаҳар (симли) телефон алоқа рақамини мобил ёки аксинча кўчиришни тақиқлайди.

Эслатиб ўтамиз, рақамни кўчириш хизматини жорий этиш президентнинг май ойидаги қарори билан тасдиқланган 2018−2021 йилларда Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш дастурида кўзда тутилган эди.