Ижтимоий тармоқларда анча фаоллиги билан ажралиб турувчи Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов turdimov.uz сайтини ташкил этди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетаси сайтида хабар берилди.

Шу йилнинг июль ойида Самарқанд вилоятига раҳбар бўлиб келган Эркинжон Турдимов аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида телеграм мессенжери орқали мурожаатларни қабул қилишни бошлаган эди. Декабрь ойигача телеграм орқали 3200 га яқин мурожаат келиб тушиб, уларнинг аксарияти ўз вақтида ечим топган.

Шунингдек, вилоят телевидениесида ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарларининг халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотларини йўлга қўйди. Ушбу кўрсатувлар бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимининг фейсбукдаги саҳифасида намойиш этиб борилмоқда.

Хабарда айтилишича, turdimov.uz сайтида Самарқанд вилоятидаги янгиликларни ёритиш, халқ фикрининг бериб боришга алоҳида эътибор қаратилади.