Ҳукумат қарори билан Истиқболли бошқарув кадрларини танлаш бўйича «Тараққиёт» республика танлови финали иштирокчилари орасидан бошқарув кадрлари захирасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, «Тараққиёт» республика танлови финали иштирокчилари фуқароларнинг бошқа тоифалари учун назарда тутилган кадрлар захирасига танлов тартиботларидан ўтмаган ҳолда давлат ташкилотининг кадрлар захирасига киритилиши лозим ва бошқарув ходимларининг танловдаги номинация соҳаларига мос келадиган бўш турган, қоида тариқасида, раҳбарлик лавозимига танловсиз қабул қилиниш (тайинланиш) ҳуқуқига эга.

«Тараққиёт» республика танлови ўтказилишини ташкил этувчи республика комиссияси томонидан taraqqiyot-tanlov.uz махсус веб-сайтида танлов натижалари жойлаштирилган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт мобайнида танлов финали иштирокчилари давлат ташкилотининг кадрлар захирасида туриши мумкин эмас.

Танлов финалининг иштирокчиси бир вақтнинг ўзида иккитадан ортиқ бўлмаган давлат ташкилотининг, шу жумладан, ўзи ишлаётган ташкилотнинг кадрлар захирасига киритилиши мумкин.

Танлов финалининг иштирокчилари давлат ташкилотига ишга жойлаштирилса, уларга ишга қабул қилинган кунидан бошлаб дастлабки 10 ой мобайнида тегишли давлат ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида устама тўланади.

Кадрлар захираси тузиладиган давлат ташкилотининг лавозимлари рўйхати ҳар йили ташкилот кадрлар хизмати томонидан 1 декабрдан кечикмай қуйидаги лавозимлар бўйича алоҳида аниқланади:

давлат ташкилоти раҳбарлари (раҳбар ўринбосарлари);

давлат ташкилоти таркибий бўлинмалари раҳбарлари (раҳбарлар ўринбосарлари);

ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари (раҳбарлар ўринбосарлари);

давлат ташкилоти марказий аппаратининг бош бошқармалари, бошқармалари бўлимлари, шўъбалари бошлиқлари (бошлиқларнинг ўринбосарлари) ва бош мутахассислари.