Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар, спорт иншоотларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифатини ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазир дастлаб Бухоро шаҳрида Ислом Каримов кўчаси ва Ибн Сино кўчаси кесишмасида 4 минг томошабинга мўлжаллаб қурилаётган Универсал спорт мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди. Президентнинг 2017 йил 10−11 март кунлари Бухоро вилоятига қилган ташрифи доирасида берган топшириғига асосан бунёд этилаётган ушбу спорт иншоотида 15 дан ортиқ спорт тури бўйича мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имконияти яратилади.

2018 йилда Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Бухоро вилоятида бешта спорт объекти қурилди.

Д.Набиев дастурга асосан вилоятнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган, Туркманистон билан чегарадош Олот туманида қуриб фойдаланишга топширилаётган 25×11 м ҳажмдаги ёпиқ сузиш ҳавзасининг очилиши маросимида иштирок этди.

Маросимида сўзга чиққан Дилмурод Набиев президент томонидан республикамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш вазифаси топширилганини таъкидлаб, фойдаланишга топширилаётган ушбу сузиш ҳавзаси келажакда ёшларни сузиш спорт турига қизиқишларини орттириб, уларни нуфузли халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишларида пойдевор бўлиб хизмат қилишига ҳамда Олот тумани аҳолисини сузиш спорт тури орқали соғломлаштиришга хизмат қилиши кутилаётганини маълум қилди.

Маълумот учун, бугунги кунга қадар Бухоро вилоятида «Ёшлар ҳафталиги», «Хотин-қизлар ҳафталиги», «Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги» ва «Таълим муассасалари ҳафталиги» давомида 990 та спорт мусобақалари ташкил этилиб, уларда 130 нафардан мингдан ортиқ кишилар (шундан 43 минг нафар аёллар) иштирок этишди. Шунингдек, спорт иншоотлари ва ташкилотларда йўлга қўйилган оммавий бадантарбия машғулотларига 130 минг нафардан ортиқ аҳоли жалб этилди.