Қашқадарё вилоятида GTL заводи қурилиши бензин ва нефть маҳсулотлари нархини туширишга имкон беради, дея маълум қилди «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Баҳром Ашрафхонов шанба куни Uzbekistan GTL (gas-to-liquid — «газдан суюқлик») лойиҳаси молиявий ҳужжатларини имзолашга бағишланган тадбирда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни Қашқадарё вилоятига сафари вақтида одамлар лойиҳа ишга тушганидан сўнг бензин нархи арзонлашганини сезишлари лозимлигини айтиб ўтган эди.

«Фарғона ва Бухоро НҚИЗ (нефтни қайта ишлаш заводи — таҳр.) Ўзбекистонда қазиб олинаётган нефтда ишлаяпти, етишмаган қисми эса импорт қилинмоқда. GTL заводи ишга туширилиши муносабати билан бизда авиакеросин ва дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Бу авиакеросин ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш учун жуда кўп миқдорда углеводород хом ашёсини импорт қилмаслигимизни англатади, шунинг учун бу йўналишда импорт қисқаради», — деди Баҳром Ашрафхонов.

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари Ўзбекистон авикеросин ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш учун импорт қилинаётган нефть хом ашёсининг бир қисмидан бензин чиқаришда фойдалана олишини қайд этди. «Бу албатта тан нархининг арзонлашуви ҳамда бензин ва нефть маҳсулотлари нархларининг тушишига олиб келади», — деди у.

Uzbekistan GTL лойиҳасининг асосий мақсади — мамлакатнинг табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш ва углеводород хом ашёси импортини тубдан қисқартиришдан иборат, дея таъкидлади нефтгаз компанияси раҳбари.

Баҳром Ашрафхонов «Ўзбекнефтгаз» иш олиб бораётган янги лойиҳаларга ҳам тўхталиб ўтди. «Биз жуда кўп янги лойиҳалар, асосан газимиздан, тозаланган метандан „метанол ва олефинлар“ ҳамда бимодал маҳсулотлар (полиэтилен) ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдамиз», — деди у.

Шанба куни «Ўзбекнефтга» Uzbekistan GTL лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро молия институтларидан 2,3 млрд доллар жалб этди. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 млрд доллар бўлиб, уларнинг 740 млн долларини Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, 570 млн долларини эса «Ўзбекнефтгаз» ажратади.

Завод 2020 йилда ишга туширилганидан сўнг 3,6 млрд куб метр газ қайта ишланиб, 1,5 млн тонна «Евро-5» стандартидаги синтетик суюқ ёқилғи, жумладан 311 минг тонна авиакеросин, 742 минг тонна дизель ёқилғиси, 431 минг тонна нафть ва 53 минг тонна суюлтирилган газ олиш йўлга қўйилади.

Лойиҳа чиқимларини қоплаш муддати етти йилни ташкил этади.