2018 йилнинг 14 декабрь куни Бош прокуратурада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, оммавий ахборот воситалари, теле ва радиоканаллар ҳамда интернет нашрлари вакиллари учун «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги: оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш масалалари» мавзусида халқаро семинар ташкил этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Семинарда Ўзбекистонда юз бераётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик ҳамда аҳолини хабардор қилиб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат идораларининг ҳам, матбуот воситаларининг ҳам долзарб вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Ҳозирги кунга келиб ҳар бир вазирлик, идора ва бошқа давлат муассасаларида, хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда матбуот хизматлари ва уларнинг веб-сайтлари ишламоқда. Бу, ўз навбатида, жамоатчиликнинг давлат идоралари фаолиятидан тўлиқ ва холис хабардор бўлиши билан бирга, давлат бошқаруви самарасининг даражасини белгилашга имкон бермоқда.

Шу билан бир қаторда, халқаро эксперт Анна Гуардино семинар иштирокчиларини Америка Қўшма Штатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг фаолиятнинг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашдаги тажрибаси, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш усуллари ҳақида таништириб ўтди.

Шунингдек, семинар давомида, қонун бузилишларини олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нотўғри маълумотларга тезкор муносабат билдириши чоралари ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.