Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев Россиянинг Краснодар шаҳрида навбатдаги жангини ўтказди, дея хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Мазкур баҳсда ўзбекистонлик боксчига аргентиналик Назарено Гастон Руиз рақиблик қилди. Жанг муддатидан олдин якунланди. Баҳсни кетма-кет зарбалар билан бошлаган Шоҳжаҳон Эргашев 18-сониядаёқ рақибини нокаут ҳолатига туширди.

Бу Шоҳжаҳон учун профессионал рингдаги 16-жанг бўлди. Эргашев уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Баҳсларнинг 15 тасида у рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган. Руизнинг ўтказган жанглари сони 50 тага етди. Аргентиналик боксчи уларнинг 32 тасига ғалаба қозонган (11 та нокаут). 18 маротаба имкониятни бой берган (3 та нокаут).