Қарши шаҳрида туғилган чақалоқни сотиш билан боғлиқ ҳолат юз берди. Бу ҳақда Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими Жамол Шароповнинг «Қашқадарё» газетасида эълон қилинган мақоласида сўз юритилди.

Қарши шаҳри Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи А.Х. анчадан бери бефарзанд эди. Қамашилик қиз Ш.Қ. эса Қарши шаҳрида яшаб, енгилтаклиги оқибатида ҳомиладор бўлиб қолган, уйга қайтишга қўрқиб, туғилажак боласини кимга бўлса ҳам сотиб юборишни режа қилиб юрганди.

Ҳар иккисининг нияти А.Х. қариндошиникида меҳмон бўлган кунда кесишди. Бу ерда у Ш.Қ. ҳақида, у боласини боқолмаслиги сабаб бирор кишига бериб юбориш ниятида экани хусусида эшитди. А.Х. қариндошига агар бола туғилса, уни онаси бериш-бермаслигини сўради. Қариндош ҳам кўп куттирмай, 2 кундан кейин телефон қилиб, жувон розилигини билдирди.

Иши «юришганидан» мамнун А.Х. жувон яшайдиган ижара уйига бориб, бола туғилгунга қадар кетадиган, хусусан, туғруқхона, дори-дармон билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олишини айтиб, бола дунёга келгач ўзаро келишиб олишларига шартлашиб қайтди.

Шу йилнинг 20 август куни тўлғоқ бошлангани сабабли Ш.Қ.ни вилоят перинатал марказига олиб борди, келишилган ҳамма харажатларни тўлаб берди. 24 август куни эса Қамаши тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига бориб, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олди ва болани ўз фамилиясига ўтказиб қайтди.

Чақалоқ ва онага туғруқхонадан жавоб беришганидан кейин «бола"сини олиб қайтишга борган А.Х. чақалоқ эвазига 2 миллион сўм ва бир дона гилам беришини маълум қилди. 26 август куни бир қизил гилам ва 350 минг сўм келди. Ўн кунлар ўтиб, 150 минг сўм, яна бир муддатдан сўнг 500 минг сўм берилди. Қолган бир миллион сўм эса нотариус орқали болани расмийлаштириб олишганидан сўнг берилиши айтилди. Она эса ўйламай-нетмай боласи эвазига олинган ҳамма пулни ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юбораверди.

Мазкур ҳолат бўйича Қарши шаҳар ИИБ ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, жиноят иши қўзғатилди.