Хоразм вилояти божхона бошқармаси ходимлари Ўзбекистонга ноқонуний равишда дизель ёқилғисини олиб кирмоқчи бўлган қўшни давлат фуқаросини тўхтатишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Шовот» чегара божхона пости орқали кириб келаётган қўшни давлат фуқароси Ш. М бошқарувидаги Volvo русумли юк автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилди. Текширув давомида тиркаманинг таг қисмига қўлбола усулда пайвандлаб ўрнатилган қўшимча бакда, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида айтилмаган, умумий қиймати салкам 11 миллион сўмни ташкил этган жами 2 тонна 200 литр дизель ёқилғисини мамлакатимиз ҳудудида қайта сотиш мақсадида яширинча олиб келаётганлиги божхоначиларимиз томонидан фош этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Хоразм вилояти божхоначилари томонидан 10 та ҳолатда 4 тонна, 25 млн. сўмлик ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.