Қашқадарёга сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган кардиология ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиалларига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент 2017 йил 24−25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида Республика ихтисослаштирилган кардиология ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиалларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Ўтган қисқа вақтда ёнма-ён жойлашган икки йирик марказ қуриб битказилди.

Давлат раҳбари 13 декабрь куни бу ерга ташриф буюриб, беморлар учун яратилган шароитлар, замонавий техника ва ускуналарни кўздан кечирди.

120 ўринли Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалига дунёда энг янги чиққан ташхис ва даволаш аппаратлари олиб келинди. Реабилитация ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, артериал-гипертензия, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжалланган поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Германия, Россия каби давлатларда таҳсил олган малакали шифокорлар ишга жалб қилинди. Улар ўз тажрибаси ва билимларини вилоятдаги ҳамкасбларига ҳам ўргатади.

Марказда коронарография, вентрикулография, томирлар ангиографияси, коронар томирларни стенлаш, баллонли вальвулопластика, бўлмачалараро ва қоринчалараро тўсиқ нуқсонларини окклюдер ёрдамида бартараф этиш, аортакоронар шунтлаш, юрак орттирилган нуқсонларидан клапанларни протезлаш, аорта ва унинг шохларида, юрак туғма нуқсонларида қилинадиган жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Бу тиббиёт туризми ривожланишига ҳам ҳисса қўшади.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология маркази филиали ҳам Қашқадарё учун жуда зарур эди.

Шу пайтгача бундай тиббий хизмати вилоят эндокринология диспансерида кўрсатилиб, жиҳозлари, даволаш тизими эскича эди.

Президент ташаббуси билан ташкил этилган 150 ўринли янги шифохона эндокринологик касалликларни профилактика қилиш ва самарали даволашга хизмат қилади. Бу ерда йилига 700−800 жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин.

Янгиликлардан яна бири — Диабет мактаби фаолияти йўлга қўйилгани. Мазкур мактабда малакали ҳамширалар қандли диабетга чалинган беморларга ўз-ўзини назорат қилиш, касалликнинг келиб чиқиш омиллари, унинг олдини олиш йўллари, болаларга эса нон бирлигига асосан тўғри овқатланиш тартиби ўргатилади.

Бу марказлар бошқа шифохоналарга намуна бўлиши керак. Фақат касалларни даволаш билан чекланмасдан, ўз йўналиши бўйича хасталикларнинг олдини олиш, бунинг учун аҳолининг тиббий маданиятини ошириш зарур, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент мазкур тиббиёт муассасаларига малакали мутахассисларни жалб қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қамрови ва сифатини янада ошириш юзасидан топшириқлар берди.