«[Мамлакат ҳукумати билан] биргаликда биз Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам беришга ютуққа эришдик Бир неча йиллар аввал биз бундай натижаларни эришиб бўлмас дея айта олар эдик», — деди Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер.

ХМТ раҳбари ушбу сўзларни 14 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Меҳнат соҳаси келажаги: муносиб бандликни таъминлаш бўйича ташаббуслар» халқаро анжуманидаги нутқида айтиб ўтди.

«Менинг Тошкентга ташрифим ХТМ биргаликда ишлаш, Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантириш ва Ўзбекистондаги ислоҳотларга ёрдамлашиш учун манфаатдор томонларни жалб қилиш истагида эканини англатади», — дея таъкидлади Гай Райдер.

У ижтимоий адолат бўйича маҳаллий ва халқаро статистикадан ҳам мисол келтириб ўтди. «Бугун бутун дунёда қарийб 200 миллион киши иш жойига эга эмас, камбағаллик 700 миллиондан ортиқ киши учун айни ҳақиқат ҳисобланади», — деди ХТМ бош директори.

Унинг маълум қилишича, Евроиттифоқда 20 фоиздан зиёд аҳоли қашшоқлик ва ижтимоий адолатсизлик хавфи остида қолмоқда.

«Ўзбекистонда 12 фоизга яқин аҳоли қашшоқлик бўсағасида яшамоқда, шунинг учун ижтимоий адолатга муносабат бўйича ХТМнинг вазифаси мамлакатнинг бутун салоҳиятини умумлаштириш ва ижтимоий неъматлар адолат билан тақсимланишига эришишдан иборат. Биз адолатсизлик муаммоларига қарши курашишимиз лозим», — деди Гай Райдер.

ХТМ бош директори янги меҳнат бозори ижтимоий ҳимоя ва муносиб меҳнат билан таъминлашнинг янги моделлари, қоидалари ва стандартларини ишлаб чиқишни тақозо этаётганини айтиб ўтди.

«Биз қўрқув билан тўқнаш келмоқдамиз, бироқ бу қўрқув иш ўрнини йўқотиш мумкинлиги эмас, балки инсонпарварлик ва қадр-қимматнинг йўқотиши билан боғлиқ», — деди ташкилот раҳбари.

Унинг фикрича, кўпчилик бугунги кунда жамият ҳар доим ҳам илм-фан ютуқлари ва меҳнат бозоридаги инновацияларни адолат билан қабул қила олмаслигидан хавфсирамоқда.

Анжуманда ўнлаб мамлакатдан меҳнат бўйича маҳкамалар, БМТТД, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ, Халқаро миграция ташкилоти ва Осиё тараққиёт банкидан 100 нафарга яқин вакил иштирок этди.