Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳаммедов жума куни Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида мамлакатдаги криминоген вазият тўғрисида ҳисобот билан сўзга чиқар экан, ИИВ тизимидаги ҳуқуқбузарликларга қарши кураш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

ИИВ раҳбариятига сенатор Абдуқодир Тошқулов савол билан мурожаат қилди. ИИВ хизмат автомобиллари давлат рақамларидаги VSF ҳарфларини жамоатчилик кенгайтириб, «Vatanning sodiq farzandlari» деб аташини тилга олар экан, яқинда Термиз ИИО ходими хизмат автомобилида ЙПХ ходимини уриб кетгани ҳодисасини эсга олди. Сенатор ИИВ бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича нималар амалга ошираётганига қизиқди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ички ишлар органлари обрўсига салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этди.

«ИИВнинг 120 минг кишилик шахсий таркиби орасида порахўрликка қўл урувчи ноҳалол ходимлар бор. Бутун ички ишлар органларини шарманда қилувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳолатлар ҳам бўлди», — дея тан олди у.

2018 йилнинг 11 ойи давомида 6887 нафар ходим ҳуқуқбузарлик содир этиб, уларнинг 1283 нафари маъмурий, 165 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. 1700 ҳолатда профилактика инспекторлари, 829 та ҳолатда — йўл ҳаракати хавфсизлиги ва 743 ҳолатда — турли даражадаги раҳбар ходимлар ҳуқуқбузарлик содир этди.

Даврон Назармуҳамедов ИИВ тузилмасининг ҳар бир даражасида шахсий хавфсизлик бошқармаси фаолият кўрсатаётгани, улар шахсий таркиб билан ишлаётганини маълум қилди. «Мазкур тизим бутунлай янгиланди, янги раҳбарлар тайинланди. Ҳар мажлисда биз шахсий таркиб, интизомга риоя қилиш масаласини муҳокама қиламиз. Вазиримизнинг [Пўлат Бобожоновнинг] раҳбарлар таркибига асосий талаби — бу каби ҳолатларга йўл қўймасликдан иборат», — деди у.

«Статистикага қарайдиган бўлса, бу каби ҳуқуқбузарликлар 60 фоизга камайган. Аммо бу статистика бўлмаслиги керак», — дея якун ясади Даврон Назармуҳамедов.