Қашқадарёга сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Қарши шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда бир қатор ҳудудлардаги ҳокимлар алмашди.

Қамаши тумани ҳокими Фахриддин Омонович Дўстмуродов ўрнига Шерали Санаев янги раҳбар этиб тайинланган. Санаев шу кунгача Бекобод тумани прокурори сифатида ишлаб келаётганди.

Яккабоғ тумани ҳокими Жаҳонгир Абдужалилович Бобоев ҳам лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Қашқадарё вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Шомурод Донаев янги ҳоким этиб тайинланган.

Косон тумани ҳокими Бахтиёр Эшитемирович Ражабов ишдан олиниб, унинг ўрнига Қашқадарё вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Асрор Бойқораев янги раҳбар бўлган.

Шаҳрисабз шаҳри ҳокими Исмат Нусратович Нусуров ҳам ишдан олиниб, унинг ўрнига «Ўзсаноатқурилишбанки» бошқарма бошлиғи ўринбосари Тўлқин Каримов янги ҳоким сифатида иш бошлаган.

Президент шунингдек Ички ишлар вазири билан Бошпрокурорга сектор раҳбарларини иш жойини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.