Ўзини Мудофаа вазирлигида ишловчи полковник деб таништирган ДХХга ишга киритиб қўяман деб пул олган қамашилик ҳамда ўзини ДХХ ходими деб таништириб, муаммоларни ҳал қилиб бериш ваъдаси билан одамлардан пул олган хивалик шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

1955 йили Қашқадарё вилояти Қамаши туманида туғилган Жабборов Маҳмараим Саломович маҳаллий фуқарога ўзини Мудофаа вазирлигининг махсус операциялар бўлимидан полковник Жабборов Маҳмараим Саломович, деб таништириб, уни келгусида Давлат хавфсизлик хизмати идораларига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилади ва эвазига 8 минг АҚШ доллари сўрайди. У Қамаши тумани Ифтихор кўчасида жойлашган «Ҳунарманд» ошхонасида юқорида қайд этилган 8 минг АҚШ долларидан 4 мингини олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Тезкор тадбир давомида унинг ёнидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус операциялар бўлими, полковник Жабборов Маҳмараим Саломович номига сохта маълумотлар билан ёзилган қалбаки хизмат гувоҳномаси топилди.

Бундан ташқари, ўзини ДХХ ходими дея таништириб, одамлар ишончига кирган ва ҳокимият идоралари билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига товламачилик қилиб, уларнинг пулини олиш билан шуғулланган Хива шаҳрида яшовчи 39 ёшли Дилшод Рўзметовнинг ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.

Аниқланишича, Дилшод Рўзметов бир неча фуқарога ер участкалари ажратиб берилишида ёрдамлашишни ваъда қилиб, улардан жами 100 минг доллардан ортиқ миқдорда пул олган.

Ҳозирда Маҳмараим Жабборов ҳамда Дилшод Рўзметовга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.