Осиё бокс конфедерацияси йилнинг энг яхшиларини аниқлаш мақсадида сўровнома ташкил қилганди. Унга кўра, бир неча Ўзбекистон вакиллари ўз йўналишида қитъада «энг яхши» деб топилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Энг яхши боксчи номинациясида Исроил Мадримов барча рақибларини ортда қолдирган ҳолда, Осиёнинг энг яхши эркак боксчиси деб эълон қилинди. Бошқа бир ўзбекистонлик спортчи Иқболжон Холдоров эса бу борада учинчи бўлди.

«Осиёда йилнинг энг яхши техник мутахассиси» йўналишида Дилшод Казаков ғолиб чиқди.

Ҳакамимиз Александр Ҳамидов ҳам 2018 йилда «Осиёнинг энг яхши ҳаками» унвонини қўлга киритди. Ўзбекистон бокс федерацияси қитъада энг яхши федерация сифатида тан олинди.