Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳамедов Сенат ялпи мажлисида маъруза қилди ва аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш ҳамда фуқароларга сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганини қайд этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий жарималарни тўлаш учун «биллинг тизими» (йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун белгиланган жарималарни электрон тўлов шаклида амалга ошириш) ишга туширилди.

Эндиликда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ 45 ҳолатдан 29 тасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб қўйиш амалиётига чек қўйилди.

Фуқароларга Давлат хизматларини кўрсатиш марказларида янги намунадаги 724 минг 111 миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари берилди.

Давлат рақам белгиларини аукцион орқали оширилган тўлов ставкалари асосида бериш тартиби йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда 18 минг 718 давлат белгилари фуқаролар танловига кўра расмийлаштирилди ва давлат бюджетига 95 млрд. 466 млн. 551 минг сўм маблағлар туширилди.

Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб, енгил автотранспорт воситалари ойналарининг туси қорайтирилишига рухсат берилиб, бугунги кунга қадар 6,9 млрд. сўм пул маблағлари тушуми таъминланиб, ушбу маблағларнинг 10 фоизи ходимларни ҳар ойда рағбатлантиришга сарфланмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ўтган давр мобайнида автомобиль йўлларида 128 йўл-транспорт ҳодисаларининг ўчоқлари аниқланиб, 121 таси бартараф этилди. Йўлларда 4 млн. 281 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланиб, 69 минг 659 маротаба турли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.

Натижада йўл-транспорт ҳодисалари сони 882 тага ёки 9,8 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар сони 182 нафарга ёки 8,1 фоизга, жароҳат олганлар сони 1 минг 39 нафарга ёки 12,1 фоизга камайишига эришилди.

Аҳолига паспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати бевосита секторлар (янги ташкил этилган ички ишлар бўлимлари) ҳудудида ташкил этилиб, фуқароларга 2 млн. 898 минг 65 биометрик паспортлар расмийлаштириб, топширилди. Шунингдек, 3 минг 388 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.