Қонунлар ижросини таъминлашдаги сусткашлик, уларга ҳурматсизлик ва беписандлик у ёки бу соҳанинг умумтараққиётдан орқада қолишига, ҳатто инқирозга юз тутишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда, «Давлат тили ҳақида"ги қонун мисолида, Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев гапирди.

Сенатнинг чоршанба куни очилган ХVII ялпи мажлисидаги нутқида Ниғматилла Йўлдошев 2019 йилда қабул қилинганига 30 йил тўладиган қонун ижросини танқид қилди, хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ўзбек тили ривожи билан боғлиқ муаммоларни таҳлил этиш мақсадида «Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг Тошкентда, шунингдек, турли вазирлик ва идораларда ижро этилиши ҳолати ўрганилди. Ўрганишда қонун ижроси «йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги аниқланди», дея таъкидлади Сенат раиси.

«Энг афсусли жиҳат шундаки, тилнинг ижтимоий онгни шакллантирувчи муҳим омил саналишига ва инсон қайси тилда сўзласа ва фикрласа, ўша тилдаги мафкурага мойил бўлишига аҳамият қаратмадик. Аксинча, қонун ижросини назорат қилишга масъул бўлган парламент ҳузуридаги Доимий тил комиссияси ҳамда Атамашунослик қўмитаси фаолиятлари тугатилди, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш ишлари эса белгиланган муддатда тўлиқ якунига етказилмади», — деди у.

Кейинчалик қабул қилинган қонунлардаги нормаларнинг «Давлат тили ҳақида"ги қонунга мувофиқлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолди, давом эттирди Ниғматилла Йўлдошев. Бунинг далили — «Реклама тўғрисида"ги, «Фирма номлари тўғрисида"ги ва бошқа қонунларда «Давлат тили ҳақида"ги қонун нормаларига зид қоидалар мавжудлиги.

«Қонунда жавобгарликка тортишга асос бўлувчи нормалар мавжуд бўлса-да, қонун нормаларининг мунтазам бузиб келинаётгани учун бирон бир айбдор шахс белгиланган тартибда жавобгарликка тортилмади. Аччиқ бўлса-да, айтишга тўғри келади — бу ҳолат қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ўрнига, уни маълум маънода рағбатлантирмоқда», — деди Сенат раҳбари.

«Бу каби яна кўплаб камчиликлар ва ҳанузгача давом этаётган қонунбузарликлар, таъбир жоиз бўлса, қонуннинг эгасиз ва ожиз бўлиб қолгани оқибатида давлат тили нуфузи пасаймоқда», — таъкидлади Ниғматилла Йўлдошев.

«Эътибор беринг: ўнлаб атамалар нафақат кундалик истеъмолда, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ҳеч бир изоҳсиз қўлланилмоқда. Турли йиллар мобайнида Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилган 154 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган. Шунингдек, 2018 йилда қабул қилинган вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 34 та қўшма қарори ҳам давлат тилида эмас. Бунинг устига, кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда „Рус тилидаги матнга қаранг“, деган ҳаволаларнинг мавжудлигини эса, давлат тилига ўта ҳурматсизлик сифатида баҳолаш мумкин», — деди у.

Нафақат нодавлат телерадиоканаллари, балки Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида ҳам бошловчилар томонидан адабий тил қоидаларига зид равишда турли шеваларда сўзлаш салбий одат тусига айланмоқда, давом эттирди Сенат раиси. «Телеканалларда эфирга берилаётган номи инглизча-ю, ўзи гўёки ўзбекча кўрсатувлар тил қоидаларига мутлақо ётлиги масъулларни ҳам, кўрсатувларни тайёрловчи қўштирноқ ичидаги «ижодкор"ларни ҳам ҳеч бўлмаганда уялтирмаяпти».

«Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида сабоқ олишни бошлаган ёш авлод бугун 23 ёшдан ошди. Фундаментал илмий, бадиий, сиёсий ва бошқа адабиётларнинг аксарияти эса, кирилчада қолиб кетган. Оқибатда ҳаётнинг айни илм олишга зарурат ва иштиёқ туғилган жўшқин палласида аксарият ёшларнинг имконияти чекланиб қолмоқда», — деди Ниғматилла Йўлдошев.

«Бир сўз билан айтганда, тилимизнинг абгор ҳолатга тушиб қолаётганига ўзимиздаги бепарволик ва эътиборсизлик сабаб бўлмоқда», — дея таъкидлади у.

Сенат Кенгаши Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа масъул тузилмаларга санаб ўтилган камчиликларни, давлат тили ривожига тўсиқ бўлаётган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни берди.

Хусусан, «Давлат тили ҳақида"ги қонун ижросини тўлиқ таъминлашга оид комплекс чора-тадбирлар белгиланган «Йўл харитаси"ни тасдиқлаш, қонун талабларининг вазирлик ва идоралар томонидан бажарилиши ҳолатини Вазирлар Маҳкамасининг раёсатида мунтазам муҳокама қилиб бориш зарурлиги белгиланди.

Сенат раиси, шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан парламентнинг юқори палатаси тавсияларига асосан норма ижодкорлиги жараёнида «Давлат тили ҳақида"ги қонун талабларига риоя этиш бўйича талабнинг кучайтирилаётганини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.