Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини шахматга янада қизиқтириш, уларга шарт-шароит яратиш мақсадида умумтаълим мактабларида шахмат хоналари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шундай хоналардан бири Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 13-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ташкил қилинди. Ушбу муассасада бугунги кунда 2400 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, улардан 50 нафардан ортиғи шахмат спорт клубига жалб қилинган.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 9 августдаги «Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан юртимизда ушбу спорт турини янада оммалаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилган эди.

Хусусан мазкур қарорга асосан республиканинг турли ҳудудларидаги 150 та умумтаълим мактабларининг ўқувчиларини тажриба тариқасида шахматга ўқитиш йўлга қўйилди.

Жисмоний тарбия ва спорт, Халқ таълими вазирликлари ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан республикадаги барча умумий ўрта таълим мактабларида шахматга ўқитишни босқичма-босқич қамраб олиш, юқори малакали мураббий кадрларни тайёрлаш, шахмат клублари ва умумий ўрта таълим мактаблари шахмат синфларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича режали ишлар амалга оширилмоқда.