Қашқадарёга сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев Муборак туманидаги замонавий иссиқхона билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадиркор Қобилжон Ғуломов 2016 йили «Муборакиссиқлик электр маркази» акциядорлик жамияти ёнидаги ташландиқ ҳудуддан 2 гектар ер олиб иссиқхона барпо этди. Ёмғир тўпланадиган 800−1000 тонналик ҳовузлар қурди. Иссиқхонадаги сабзавотлар томчилатиб суғорилади.

Иссиқхона «Муборак иссиқлик электр маркази"да ҳосил бўладиган иссиқ сув орқали қиздирилади. Электр маркази учун совуқ сув керак. Шу боис иссиқхонада бу сув айлантирилиб, совугач қувурлар орқали иссиқлик корхонасига қайтарилади. Тадбиркор яна 7 гектар ерда иссиқхона қурди.

Айни пайтда иссиқхонада қарийб юз киши меҳнат қилмоқда. Келгусида иссқхонани янада кенгайтириб, иш ўринларини кўпайтириш режалаштирилган.

Умуман, туман бўйича 60 тадбиркорга шу каби иссиқхона қуриш учун 300 гектар ер ажратилган.

Президент замонавий иссиқхонани кўздан кечириб, ишчилар билан мулоқот қилди.

Аҳоли фаровонлигини ошириш, доимий ва мавсумий иш ўринлари очишда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2019−2020 йилларда иссиқхоналар ташкил этиш, Чироқчи туманида лалми майдонларда полиз экинларини кўпайтириш, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.