2022 йил 31 декабрга қадар республиканинг барча ҳудудларида марказлашган кузатувнинг автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу президентнинг 12 декабрдаги жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган, дея хабар қилди Адлия вазирлиги «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида.

Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши қурашиш тизимига «Хавфсиз хонадон» концепцияси жорий этилади.

Шунингдек, янги турар жойлар ИИБ органлари билан келишилган ҳолда мажбурий тарзда қўриқлаш-ёнғин ташвишгоҳлари ва газоанализаторлар билан жиҳозланади

Республика маҳаллаларининг хавфсизлик даражаси ҳар чоракда рейтинг асосида баҳоланади ҳамда ҳар йили «Энг хавфсиз маҳалла» республика танлови ўтказилади.

ИИВ Қўриқлаш бош бошқармаси таркибида асосий фаолият йўналиши кўриқлов техник воситалари ва тизимларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўлган «Qo‘riqlash Servis» ДУК ташкил этилади.

2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг уй-жойлари ва хонадонларига фойдаланиш учун бериладиган кўриқлов техник воситаларини ўрнатиш ва бепул техник хизмат кўрсатиш ишларини бажариш ички ишлар органлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.