Франция тараққиёт агентлиги (ФАР) Ўзбекистонга иқтисодий бошқарувни яхшилаш дастурини амалга оширишга 150 млн евро миқдоридаги заёмни ажратди. Заём келишуви 12 декабрь куни Молия вазирлигида бўлиб ўтди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Лойиҳа Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудудлардаги ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини бюджетдан молиялаштириш бўйича қўшимча манбалар билан таъминлайди.

Заём 20 йил муддатга тақдим этилиб, унинг 6 йили имтиёзли давр ҳисобланади.

ФАР — давлат молия институти бўлиб, Франция ҳукумати белгилаб берувчи ривожланиш сиёсатини амалга ошириш билан шуғулланади.