Халқ таълими вазирлиги томонидан уюштирилган матбуот анжуманида қилинган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, UReport.uz лойиҳаси ёшлар орасида ўтказган сўровномаси натижалари шуни кўрсатдики, ислоҳотлар натижасида 71 фоиз ёшлар ўқитувчи касбини танлашга тайёр.

Президент ва Молия вазирлиги кўмагида халқ таълими тизимига давлат бюджетдан маблағ ажратиш ошиб бормоқда. 2018 йилда соҳага давлат бюджетдан 12,1 трлн. сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда тизим 17,1 трлн. сўм ажратиш кўзда тутилган. Бу маблағларнинг 90 фоиз соҳа ходимларининг ойлик маошларига йўналтирилади.

Халқ таълими тизимини қўллаб-қувватлаш халқ ҳаракатига айланмоқда. 2018 йил давомида маҳаллий бюджетлардан ҳам мактаб инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларни моддий-техник базасини яхшилашга маблағлар йўналтирдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов маҳаллий бюджетдан мактабларни молиялаш учун энг кўп қўшимча маблағ ажратгани учун «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шу билан бирга тизимда хали ўз ечимини топиши керак бўлган масалалар кўп. 2016 йилдан 2018 йилга қадар мактаб ўқувчилари сони 4,2 млн.дан 5,8 млн. нафарга етди. 2019 йилда бу кўрсаткич 6,2 млн. ўқувчига етиши кутилмоқда. Шу билан бирга мактаблар қуввати 4,8 млн. ўқувчи даражасида сақланиб қолмоқда.

Бу муаммо давлат мактаблари ва нодавлат таълим муассасаларини ривожлантириш ҳамда фойдаланмаётган коллежларнинг биносини мактабларга айлантириш орқали ҳал этиш мумкин. Таъкидлаш керакки, 2016−2018 йилларда нодавлат таълим муассасаларининг сони деярли 4 баравар ошди ва 84 тага етди.

2016−2018 йилларда ўқувчиларнинг таълим олишлари учун янада шароитларни яхшилаш мақсадида 65 та янги мактаб қурилди ва 15636 та қўшимча ўқувчи ўрни яратилди.

Шунингдек, сўнгги 3 йилда инвестиция ва «Обод қишлоқ» («Обод маҳалла»)давлат дастурлари асосида 1 691 та таълим муассасасида 1.5 трлн.сўмдан ортиқ маблағ янги қурилиш, капитал ва мукаммал таъмирлаш учун сарфланди. 2018 йилда бу дастурлар асосида 24 та мактаб янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Ўқувчилар сонини кўпайиши ҳамда шарт-шароитларнинг яхшиланиши натижасида 43 та мактаб филиаллари умумтаълим мактабларига айлантирилди (2016 йилда 1138 та, 2017 йилда 1348 та, 2018 йили 1299 та филиал бўлган).

Бундан ташқари, 2018 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1815 та мактаб жорий таъмирдан чиқарилди ва бунинг учун 189 млрд сўм маблағ сарфланди.