Тошкентнинг Чилонзор тумани ҳокими Сарвар Маҳаметовнинг уйида бир неча киши йирик ўғриликни амалга оширди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Ушбу ҳолат бўйича Юнусобод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда содир этилган ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Суриштирув тадбирлари натижасида 7 декабрь куни уч нафар гумонланувчи — М. М., К. Г. ва Г. Р. ҳибсга олинган. Улардан бирининг уйи тинтув қилинганида далилий ашёлар топилган. «Газета.uz"даги мавжуд маълумотларга кўра, улар заргарлик буюмлари ва пуллардан иборат.

9 декабрь куни ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жабрланувчи шахс сифатида ўғирлик содир этилган уй соҳиби ҳисобланган Чилонзор тумани ҳокимининг рафиқаси иштирок этмоқда.

Сарвар Маҳаметов туманга шу йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланган. 2010−2016 йилларда у Бектемир тумани, 2016−2018 йилларда Яккасарой тумани ҳокими бўлиб ишлаган.