Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл компаниялари Сариағаш-Келес темир йўл ўтказиш пунктида юк поездларини қабул қилиш ва топшириш жараёнларини тезлаштиришга келишди. Бу ҳақда «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги хабар берди.

Тошкентда «Ўзбекистон темир йўллари» бошқарув раиси ўринбосари Фазлитдин Сагдуллаев «Казахстан темир жоли» бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Канат Алмагамбетов билан темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, Сариағаш-Келес темир йўл ўтказиш пункти ўтказувчанлигини ошириш масалалари бўйича музокаралар олиб борди.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон темир йўллари йўналишида юк оқими ошгани сабабли поездларни етказиш қийинлашиб, вагонлар айланиши ёмонлашган.

Томонлар ушбу ўтказиш пунктида ҳар куни энг камида 26 жуфт юк вагонларини қабул қилиш етказиб беришга келишиб олди. 2017 йилда бу 17 та поезд, октябрда — 21 жуфт.

Ҳаракат таркибларидан самарали фойдаланиш учун томонлар вагонларга ишлов бериш ва олдиндан хабардор қилишни тезлаштириш каби барча зарур чораларни кўради. Йўл бўлимларида тезкор штаблар ташкил этилади.

Буғдой ва ун юкланган вагонларнинг бир қисмини Сариағаш пунки ўрнига Оазис ўтказиш пункти орқали Ғалаба станциясига йўналтириш белгиланди. Томонлар икки мамлакат ҳудудлари орқали транзит юкларини ташишда рақобатбардош тариф ставкаларини белгилаш масаласини кўриб чиқишга ҳам келишиб олди.