АҚШ «диний эркинликнинг жиддий бузиш"да иштирок этаётгани ёки унга чидамли муносабатда бўлаётган Ўзбекистонни ҳукумат учун махсус кузатув рўйхатига киритди. Ўтган йилларда Ўзбекистон «диний эркинликни тизимли, давомий ва жиддий равишда бузиш"да иштирок этувчи мамлакатлар рўйхатида эди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг баёнотида қайд этилишича, тегишли қарор 28 ноябрь куни қабул қилинди. Мазкур рўйхатга Комор ороллари ва Россия ҳам киритилган.

ХХР, Эрон, Саудия Арабистони ва қатор бошқа мамлакатлар диний эркинликни бузаётган давлатлар рўйхатидан жой олди.

«Мен Бирма (Мьянма — таҳр.), Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Покистон, Судан, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистонни 1998 йилдаги халқаро диний эркинлик тўғрисидаги қонунга (АҚШ) кўра ортиқ даражадаги хавотирларни уйғотувчи мамлакатлар сифатида белгилаб олдим, чунки улар «диний эркинликни тизимли, давомий ва жиддий равишда бузиш"да иштирок этмоқда», — деди Помпео.

Бутун дунёда кўплаб жойларда одамлар шунчаки ўз эътиқоди билан яшаётгани учунгина таҳдидлар, ҳибсга олишлар ёки ҳатто ўлим билан тўқнаш келмоқда, дея ишонч билдирди давлат котиби. «АҚШ бу каби жабр-зулмларни хурсандчилик билан кузатиб турмайди», — деди Помпео.

17−19 сентябрь кунлари АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбэк Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Элчи президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Ўзбекистоннинг диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ютуқларини қайд этди.