Ўзбекистон олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА саммитида қатнашиш учун бугун эрта тонгда Қатар мамлакатига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

11−13 декабрь кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ФИФАга аъзо 5 та конфедерациядан 50 та мамлакат вакиллари турли масалаларни муҳокама қилишади. Мазкур мамлакатлар қаторида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам ФИФА саммитига таклиф этилди.

Доҳа шаҳри 2017 йилнинг февраль ойида ҳам ФИФА саммитига мезбонлик қилганди. Бу Доҳадаги ФИФАнинг иккинчи саммити бўлади.

Қатардаги саммитда ФИФА томонидан ташкил этилаётган мусобақаларга тайёргарлик жараёни муҳокама қилиниб, ташкилий қўмита ҳисоботлари тингланади. Шунингдек, ФИФАга аъзо футбол ассоциацияларини молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинади. Бундан ташқари, VAR тизимини ривожлантириш бўйича ҳам амалий таклифлар кўриб чиқилади.