Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 10 декабрь куни «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА орқали хабар берилди.

Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланиши,

Марказ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга ошириши;

Марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиши;

Марказ давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш масалалари бўйича кўмаклашиши;

Марказ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро ташкилотлар ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш;

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини («йўл хариталари"ни) ишлаб чиқиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.